Дорихонада бериладиган товар ва касса  чеки нима учун керак?

03.02.2023 1440

"Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисида"ги низомда, дорихонада дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан бирга сотиб олувчига:

✅ идентификация маълумотлари (номи, дозаси, қадоқлаш, миқдори),
✅ дори воситалари ёки тиббиёт буюмларининг номи, уларни берувчи шахсга оид маълумотлар, 
✅ бериш санаси ва нархи кўрсатилган товар чеки берилиши белгиланган.

Харид учун чек бериш мажбурийми? 

Юртимизда 2020 йилнинг январ ойидан онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларга ўтиш жараёни бошланди. 

Дорихоналарда ҳар бир харид QR кодли чек бериш билан бирга амалга оширилиши лозим. Бундай чеклар қонуний фаолиятдан гувоҳлик беради. Улар фақат онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассалардан берилади.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли  (https://lex.uz/docs/4502381)фармонига мувофиқ: 

- тўлов терминали орқали қабул қилинган тўловлар учун харидорларга терминал чеки билан бирга онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал касса чеки ҳам берилиши шарт;
- харид чекида товарлар (ишлар, хизматлар) номи, миқдори, қиймати (нархи), суммаси, қўшилган қиймат солиғи ставкаси, шунингдек QR код ва фискал белги мажбурий тартибда акс эттирилади. Ушбу маълумотлар акс эттирилмаган чеклар ҳақиқий ҳисобланмайди.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 221-моддасига кўра:

Назорат-касса техникасининг ва (ёки) ҳисоб-китоб терминалларининг қўлланилиши мажбурий бўлгани ҳолда, уларни қўлламасдан савдо қилиш ва хизмат кўрсатиш, чек бермаслик, тўловни ҳисоб-китоб терминали орқали қабул қилишни рад этиш беш миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳурматли истеъмолчилар.

Агар дорихонада товар чеки биришни рад этиш ҳолатига дуч келсангиз, шунингдек Сизга QR кодли чек берилмаса ва пластик карта орқали харид қилганингизда нарх оширилса, Cолиқ қўмитасининг (71) 244-98-98 ишонч телефонига ёки Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг 1159 ишонч телефонига мурожаат қилишингиз мумкин.

Товар чекларининг аҳамиятли томони шундаки, агар истеъмолчида дори воситасининг нархи оширилганлиги хусусида шубҳа юзага келса, уни аниқлаш товар чеклари орқали амалга оширилади.

Музаффар Ражабов
Тошкент вилояти Солиқ бошқармаси мутахассиси

Давлат маркази Ахборот хизмати